Ваколатли давлат органи:
1) рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;
2) товар ёки молия бозоридаги рақобат ва иқтисодий концентрациянинг ҳолатини, устун мавқенинг, шу жумладан табиий монополия субъектларининг, шунингдек устун музокара кучининг мавжудлигини аниқлайди;
3) хўжалик юритувчи субъектларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этишини текширувдан ўтказиб, бу ҳақда назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органни қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилади;
4) рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини аниқлайди, улар бўйича ишлар қўзғатади ва ишларни кўриб чиқади, уларнинг натижаларига кўра рақобатни тиклаш, рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини бартараф этиш, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асоссиз равишда олинган даромадни (фойдани) ихтиёрий равишда қайтариш ҳақида қарор қабул қилади;
5) республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига ва жисмоний шахсларга рақобатни тиклаш, рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳақида ижро этиш учун мажбурий бўлган кўрсатмалар ва кўриб чиқилиши лозим бўлган тақдимномалар беради;
6) хўжалик юритувчи субъектларни, республика ижро этувчи ҳокимият органларини ва бошқа ташкилотларни, юридик шахсларнинг бирлашмаларини, уларнинг мансабдор шахсларини ва бошқа жисмоний шахсларни рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун тегишли жавобгарликка тортади;
7) рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ жиноятлар аломатлари бўйича жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун материалларни тегишли органларга юборади;
8) рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг қўлланилиши ва бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судда кўриб чиқилишида иштирок этади;
9) судга рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини тугатиш, уларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш тўғрисидаги мурожаатларни, шу жумладан:
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликка тўлиқ ёки қисман мувофиқ бўлмаган ҳужжатларини ҳақиқий эмас ва ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги;
рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлмаган битимларни (шартномаларни) ўзгартириш, уларни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;
рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши оқибатида олинган даромадни (фойдани) ундириш, шунингдек жарима солиш ва уни ундириш ҳақидаги;
савдоларнинг натижаларини ва мазкур савдоларнинг натижалари бўйича тузилган битимларни (шартномаларни) ушбу Қонуннинг 29-моддасида назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;
хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги;
рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ҳақидаги мурожаатларни юборади;
10) нархлари давлат томонидан тартибга солиниши лозим бўлган товарлар учун нархларнинг (тарифларнинг) қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади;
11) озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларига, шунингдек товарларнинг юқори ликвидли ва (ёки) монопол турларига бўлган нархларнинг кескин тебранишлари даврида республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга, хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига омборхоналарни инвентаризация қилиш чоғида аниқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг ортиқча ҳажмларини реализация қилиш ва (ёки) улар рақобатни чеклайдиган ҳаракатлар содир этганлиги натижасида асоссиз равишда оширилган нархларни пасайтириш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва кўриб чиқилиши лозим бўлган тақдимномалар беради;
12) республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга, хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига ва жисмоний шахсларга рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига олиб келадиган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар беради;
13) амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият турларининг ҳамда амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш талаб қилинадиган фаолият (ҳаракатлар) турлари сонини зарур ҳужжатлар рўйхатини камайтириш, маъмурий тартиб-таомилларнинг муддатларини ва қийматини мақбуллаштириш, уларнинг рақобат муҳитига таъсирини таҳлил этиш йўли билан қисқартириш бўйича таклифлар киритади;
14) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш натижаларига кўра хулоса беради;
15) имтиёзлар, преференциялар ва фаолиятни амалга ошириш учун эксклюзив ҳуқуқлар тарзида кўрсатилаётган давлат ёрдамининг самарадорлиги устидан давлат назоратини амалга оширади ҳамда улар рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган тақдирда, уларни бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;
16) халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг монополияга қарши органлари билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади, шунингдек халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда, Ўзбекистон Республикасининг рақобатни ҳимоя қилиш масалаларига доир халқаро дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи ҳукуматлараро ёки идоралараро комиссиялар ишида иштирок этади.
Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn30-modda. Ваколатли давлат органининг ваколатлари
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.