«Рақобат тўғрисида»ги қонун

29-modda. Савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар

Савдолар бошланғич нархни пасайтириш ёки ошириш йўли билан ташкил этилиши мумкин. Савдоларда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади: савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш; савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш; савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш; савдоларга оид ҳужжатларга ва қоидаларга, шу жумладан эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талабларни киритиш; савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш; савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш; савдоларнинг операторлари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) савдолар иштирокчилари томонидан рақобатга қарши келишувларни ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш; электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда нархларнинг сунъий равишда шакллантирилишига олиб келадиган нарх алгоритмидан, яъни товарлар нархини олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг қилиш, ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш; савдоларда савдо шартларини бир неча марта бажармаслик натижасида товарнинг нархларини рақобат мавжуд бўлганда шаклланган нархлардан (талаб, таклиф ёки ишлар ҳажмидан) анча ошириш; буюртмачининг ёки сотувчининг савдолар натижаларига кўра шартнома тузишдан асоссиз равишда бўйин товлаши. Биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади: биржа савдоларини ўтказиш жараёнига таъсир кўрсатадиган, шу жумладан ҳийла-найранг ҳисобланадиган ҳаракатлар, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно; биржа савдолари иштирокчиларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида жорий биржа нархларининг кескин ошишига ёки қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлар; биржа шартномаси бўйича барча харидорларга савдоларда тенг иштирок этиш имкониятини чеклайдиган лотларни белгилаш; тўловнинг ва етказиб беришнинг асосланмаган муддатларини, шунингдек ўхшаш маҳсулотни сотувчилар томонидан белгиланган шартлардан жиддий фарқ қилувчи алоҳида шартларни жорий этиш; биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чеклайдиган алоҳида шартларни кўрсатиш; товарларни савдога қўйиш жадвалларини биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик; юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотни жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш; биржа савдолари давомида биржанинг муайян иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчиларнинг буюртмаларига нисбатан нархи ноодатий тарзда катта фарқ қилувчи буюртмалар бериш, кейинчалик мазкур буюртмаларни савдолар тугагунига қадар олиб ташлаш ёки тузилган битимни жарима тўламасдан асоссиз равишда бекор қилиш; нархи қонунчилик билан тартибга солинадиган маҳсулотнинг бошланғич нархини шакллантиришнинг белгиланган тартибига риоя этмаслик; биржа шартномаси бўйича муайян харидор иштирокида бекор қилинган битимнинг баҳоси айни шу харидор билан мазкур биржа шартномаси бўйича кейинги икки савдода амалга оширилган битимнинг энг паст баҳосидан паст бўлишига олиб келувчи ҳаракатларни бажариш; фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш; биржа савдоларида реализация қилинмаган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларнинг бир қисмини такроран савдоларга қўймаслик; маҳсулотни транспортнинг муқобил тури билан жўнатиш имкони бўлгани ҳолда, уни транспортнинг муайян тури билан асоссиз равишда жўнатишни назарда тутувчи шартномалар бўйича савдоларга қўйиш; биржада тузилган битимлар ва шартномаларни жарима санкцияларисиз асоссиз равишда ёки мунтазам асосда бекор қилиш, бундан бир тарафнинг енгиб бўлмас куч ҳолатлари муносабати билан мажбуриятларини бажариш имконияти йўқлиги исботланган ҳоллар, яъни фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган (форс-мажор) ҳолатлар мустасно; товарни юклаб жўнатиш навбатининг изчиллигига риоя этмаслик; биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, маркаси ва бошқалар) тўғрисидаги етарлича ахборотни кўрсатмаслик ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрисидаги чалғитувчи ахборотни киритиш; савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг иштирокчилари учун тенг бўлмаган шароитлар яратиш; савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг натижаларини асоссиз равишда бекор қилиш; сотувчи ва харидор ўртасида айни бир шахсий ҳисобварақда битим тузиш; товарнинг нархи хусусида чалғитиш мақсадида баҳоси рақобат муҳитида таркиб топган даражадан жиддий фарқ қиладиган бир нечта битимни бир кунда бир иштирокчи томонидан ёки бир иштирокчининг манфаати учун тузиш. Энг яхши таклифларнинг танловларида, тендерларда, аукционларда ва бошқа савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади: савдоларда иштирок этиш учун хўжалик юритувчи субъектлардан ҳужжатлар қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш ёки савдоларда иштирок этиш учун ҳужжатларни тақдим этишга тўсқинлик қилиш; савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ёки уларнинг сонини асоссиз равишда чеклаш; савдолар предметига технологик ва функционал жиҳатдан алоқадор бўлмаган қўшимча товарларни лотлар таркибига киритиш; товарнинг аниқ ишлаб чиқарувчисини кўрсатиш, бундан товарларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ҳоллари ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно; бошқа иштирокчи ғолибга айланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида савдоларда таклифлар билан иштирок этиш; савдолар иштирокчиларига асоссиз талаблар қўйиш, шу жумладан уларнинг малакасига нисбатан рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талаблар қўйиш; савдолар предметининг нархларини таклифлар киритиш йўли билан, савдолар тугагунига қадар ушбу таклифларни олиб ташлаган ҳолда ошириш ёки пасайтириш; савдоларда айни бир лотда фақат аффилланган шахсларнинг ёки ўзаро манфаатдор шахсларнинг иштирок этиши; савдоларнинг операторлари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) комиссия аъзолари билан ўзаро манфаатдор бўлган ёхуд улар билан аффилланган шахсларнинг савдоларда иштирок этиши. Савдоларни ўтказиш чоғида рақобатга зид бўлган манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ҳоллар, шу жумладан қуйидаги ҳоллар ўзаро манфаатдорлик деб эътироф этилади: савдоларнинг икки ва ундан ортиқ ўзаро аффилланмаган ёки бошқача тарзда ўзаро боғлиқ бўлмаган иштирокчиларининг таклифлари айни бир қонуний вакил томонидан берилганда; савдолар иштирокчиларининг бир-биридан бевосита ёки билвосита субсидия ва бошқа молиявий ёрдам олиш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлганда ёхуд шундай ёрдам олинганда; айни бир лотда иштирок этаётган савдолар иштирокчиларининг таъсисчилари ўртасида ёки буюртмачининг вакили ёки ташкилотчи ёхуд оператор ўртасида ёхуд савдолар комиссиясининг аъзоси ўртасида ва мазкур савдолар иштирокчисининг вакили ёки муассиси ўртасида яқин қариндошлик алоқалари мавжуд бўлганда; шахсда (савдолар иштирокчисида, буюртмачисида, ташкилотчисида, операторида, комиссияси аъзосида) таклифлар тўғрисидаги ахборотни олиш ёки таклифларга ва (ёки) бошқа шахс билан (савдолар иштирокчиси, буюртмачиси, ташкилотчиси, оператори, комиссия аъзоси билан) ўзаро муносабатларга эга бўлган учинчи тараф орқали қарорлар қабул қилинишига таъсир ўтказиш имконияти мавжуд бўлганда. Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган рақобатни чеклашга қарши талабларнинг бузилиши савдолар натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни ва тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.