Вафот этган боқувчининг қарамоғида (20-модда) бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ушбу модда учинчи қисмининг «б» ва «в» бандларида кўрсатиб ўтилган шахсларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.
Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар:
а) фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса, агар улар 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Бунда башарти, агар ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;
б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногиронлиги бўлган шахс бўлсалар;
в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;
г) бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.
Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.
Ўгай ўғил ва ўгай қиз, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ўгай ота ва ўгай онанинг вафот этган ўгай ўғилни (қизни) тарбиялаганлиги ёки боққанлигини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ушбу Қонуннинг вафот этганлар оилаларига тааллуқли ҳамма қоидалари бедарак йўқолганларнинг оилаларига ҳам, агар боқувчининг бедарак йўқолганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган бўлса, тегишли равишда жорий қилинади.
lex.uz’dagi asl matn«Fuqarolarning davlat pensiya ta'minoti to'g'risida»gi qonun
19-modda. Пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзолари
(19-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 19 майдаги ЎРҚ-1066-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2025 й., 03/25/1066/0454-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.