Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
транспорт воситасининг эгаси — транспорт воситасининг мулкдори, шунингдек транспорт воситасига хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқида ёхуд бошқа қонуний асосда (мулк ижараси шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома, тегишли органнинг мазкур шахсга транспорт воситасини топшириш тўғрисидаги фармойиши ва шу кабилар) эгалик қилувчи шахс. Ўз хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши туфайли, шу жумладан транспорт воситасининг мулкдори ёхуд ўзга эгаси билан меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида транспорт воситасини бошқарувчи шахс транспорт воситасининг эгаси ҳисобланмайди;
транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари — транспорт воситаси мулкдорининг транспорт воситасидан фойдаланиш ва уни бошқариш учун нотариал тасдиқланадиган ишончнома расмийлаштирилиши талаб қилинмайдиган яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар);
ҳайдовчи — транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи ҳисобланади;
транспорт воситалари эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси (кейинги ўринларда мажбурий суғурта шартномаси деб аталади) — суғурта шартномаси бўлиб, унга кўра суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда жабрланувчиларга уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ушбу суғурта ҳодисаси оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта суммаси доирасида қоплаш мажбуриятини олади;
транспорт воситасидан фойдаланиш — транспорт воситасидан унинг йўлларда (йўл ҳаракатида), шунингдек уларга туташ, транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган ҳудудларда ҳаракатланишидан иборат бўлган фойдаланиш. Транспорт воситасига ўрнатилган ва транспорт воситасининг ҳаракатланишда иштирок этиши билан узвий боғлиқ бўлмаган ускуналардан фойдаланиш транспорт воситасидан фойдаланиш ҳисобланмайди;
компенсация тўловлари — мажбурий суғурта бўйича суғурта тўловини амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолларда, жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига амалга ошириладиган тўловлар;
жабрланувчи — транспорт воситаси бошқа шахс томонидан фойдаланилаётганда ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган шахс;
суғурта қилдирувчи — суғурталовчи билан мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузган транспорт воситасининг эгаси;
суғурта мукофоти — суғурта қилдирувчи мажбурий суғурта қилиш шартномасига мувофиқ суғурталовчига тўлаши шарт бўлган пул маблағлари суммаси;
суғурта суммаси — бу шундай суммаки, суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда етказилган зарарнинг ўрнини унинг доирасида жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) қоплаш мажбуриятини олади;
суғурта товони — суғурталовчи мажбурий суғурта қилиш шартномасига мувофиқ суғурта ҳодисаси содир бўлганда жабрланувчига унинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига суғурта суммаси доирасида тўлаши шарт бўлган пул маблағлари суммаси;
суғурта полиси — мажбурий суғурта қилишни амалга оширишни тасдиқловчи белгиланган намунадаги ҳужжат;
суғурта ҳодисаси — мажбурий суғурта қилиш шартномасига кўра транспорт воситасидан фойдаланишда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган, суғурта қилдирувчининг суғурта товонини амалга оширишига сабаб бўладиган зарар бўйича жавобгарлиги суғурта қилинган, суғурта қилдирувчи ёки бошқа шахснинг фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши;
суғурталовчи — мажбурий суғурта қилишга ҳақли тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;
транспорт воситаси — йўлларда одамларни, багажни, юкларни ёки ўзига ўрнатилган асбоб-ускуналарни ташиш учун мўлжалланган қурилма;
йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома — содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида суғурталовчига хабар бериш учун йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойда йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда тўлдириладиган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат.
lex.uz’dagi asl matnМажбурий автосуғурта қоидалари (ВМ қарори №141, 2008)
I2-2-band. I. Умумий қоидалар — I2-2-банд
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.