Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган ҳодиса содир бўлганидан кейин ҳайдовчилар томонидан дарҳол жойнинг ўзида ва икки нусхада тузилади.
Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилган суғурталовчиларга қуйидаги материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда уч иш куни ичида юборилади:
йўл-транспорт ҳодисаси жойининг (автотранспорт воситалари тўқнашган жойнинг (вазият ўзгартирилмаган ҳолдаги), транспорт воситаларининг фотосурати ва (ёки) видеоёзуви, транспорт воситаларининг шикастланган қисмларининг фотосурати ва (ёки) видеоёзуви;
ҳайдовчиларнинг суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги аризалари;
йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ёки унга яқин жойдаги наркологик диспансерда ёхуд соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасасида йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабарнома тузилган пайтдан эътиборан тўрт соат ичида ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширув ўтказилганлиги тўғрисидаги баённома;
йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларининг, транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек суғурта полисининг кўчирма нусхалари.
Ҳайдовчиларнинг танловига кўра айбдор тарафнинг суғурталовчисидан суғурта товонини олиш мақсадида суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги ариза ўрнига суғурта товонини тўлаш ҳақидаги ариза расмийлаштирилиб, айбдор тарафнинг суғурталовчисига мурожаат қилиниши мумкин. Бунда ариза айбдор тарафнинг суғурталовчиси томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарноманинг кўчирма нусхаси суғурталовчига ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, суғурталовчининг дастурий таъминоти (мобиль иловаси) орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини текширувдан ўтказиш қиймати суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланиши лозим бўлган зарар таркибига киритилади.
Транспорт воситалари эгалари йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган транспорт воситаларини кўрикдан ва (ёки) мустақил экспертизадан ўтказиш учун сўров олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида суғурталовчининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.
Транспорт воситаларининг эгалари транспорт воситаларини суғурталовчининг ёзма розилигисиз ёки суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёхуд уни тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қиладиган кунга қадар таъмирлашга ёки утилизация қилишга ҳақли эмас.
Суғурталовчи йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёки уни тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Транспорт воситаларини кўздан кечириш, мустақил экспертизани ҳамда ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини белгилаш учун баҳолашни ташкил этиш ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган муддатда, суғурталовчи томонидан амалга оширилади.
Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилганда жабрланувчининг транспорт воситасига етказилган зарар ушбу Қонун 22-моддасининг учинчи қисмида белгиланган суғурта товони миқдоридан ошмаслиги керак. Бунда етказилган зарар миқдори йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарнома суғурталовчига тақдим этилганидан сўнг ошган тақдирда, суғурталовчи суғурта суммасининг фақат ушбу Қонун 22-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлмаган қисмини суғурта товони сифатида тўлайди.
Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун
20²-modda. Транспорт воситалари эгаларининг ва суғурталовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш чоғидаги ҳаракатлари
(20²-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1154-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1154/0618-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.