Суғурта тарифлари базавий ставкалардан ва коэффициентлардан иборат бўлади.
Суғурта тарифларининг базавий ставкалари транспорт воситаларининг улардан фойдаланишда зарар етказилиши эҳтимолига ва етказилган зарарнинг потенциал миқдорига жиддий таъсир этадиган техник тавсифлари, конструктив хусусиятлари ҳамда белгиланган мақсадидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Суғурта тарифларининг коэффициентлари қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда белгиланади:
транспорт воситасидан энг кўп фойдаланиладиган ҳудуддан;
ўтган даврларда мажбурий суғуртани амалга оширишда суғурталовчилар томонидан суғурта тўловлари тўланганлиги ёки тўланмаганлигидан;
ҳайдовчининг ҳайдовчилик стажидан;
транспорт воситасидан фойдаланишнинг мавсумийлигидан;
ўтган даврларда суғурталовчи сўраган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар суғурта қилдирувчи томонидан била туриб бузиб кўрсатилганлиги, тўғри маълумотлар хабар қилинган тақдирда тўланиши лозим бўлган суммага нисбатан камроқ суммада суғурта мукофоти тўланишига олиб келганлиги фактларининг мавжудлигидан;
ўтган даврларда суғурта қилдирувчи (мажбурий суғурта шартномаси бўйича фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган бошқа шахс) томонидан суғурта ҳодисаси содир бўлишига, шунингдек етказилган зарарнинг миқдори ошишига қасддан кўмаклашиш ёки суғурта ҳодисасининг содир бўлиши ҳолатларини суғурта тўловини ошириш мақсадида била туриб бузиб кўрсатиш фактларига йўл қўйилганлигидан;
ўтган даврларда регресс талаб қўйилишига асос бўлган ҳолатларда суғурта қилдирувчи (мажбурий суғурта шартномаси бўйича фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган бошқа шахс) томонидан зарар етказилиши фактлари мавжудлигидан;
ушбу Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суғурта тарифларининг коэффициентлари қўлланилганидан.
Ушбу модда учинчи қисмининг олтинчи—саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларни ҳисобга олувчи суғурта тарифларининг коэффициентлари мазкур ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик тўғрисида суғурталовчига маълум бўлган даврдан кейинги давр учун мажбурий суғурта шартномасини тузишда суғурталовчи томонидан қўлланилади.
Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотининг энг кўп миқдори транспорт воситасидан энг кўп фойдаланиладиган ҳудуд инобатга олинган ҳолда тузатиш киритилган тегишли суғурта тарифи базавий ставкасининг уч бараваридан, ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ белгиланган суғурта тарифларининг барча коэффициентлари қўлланилганда эса, беш бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Суғурта тарифларида чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда суғурталовчи томонидан қўлланиладиган базавий ставкалар ва коэффициентлар қўшимча равишда назарда тутилиши мумкин.
Суғурталовчилар ушбу Қонунга мувофиқ белгиланганидан фарқ қилувчи суғурта тарифларининг базавий ставкалари ва коэффициентларини қўллашга ҳақли эмас.
lex.uz’dagi asl matn«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун
11-modda. Суғурта тарифларининг базавий ставкалари ва коэффициентлари
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.