«Notariat to'g'risida»gi qonun

6-modda. Нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги

(6-модда тўртинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 декабрдаги ЎРҚ-1102-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.12.2025 й., 03/25/1102/1173-сон)

Нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади. Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғига кўра амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин. Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар муносабати билан уларнинг талабига биноан берилади. Нотариуслар томонидан шунингдек: махсус ваколатли давлат органига — жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар); давлат солиқ хизмати органига — кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар; ички ишлар органига — автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномалар; қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига — бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотлар; Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига (бундан буён матнда ижтимоий ҳимоя органи деб юритилади) умрбод таъминлаш шарти билан уйни (квартирани) бошқа шахсга беришга доир битимлар ва умрбод рента шартномаси тўғрисидаги, васийликдаги шахснинг мол-мулкини тақсимлашга доир битимлар ҳамда унинг тақдирини ҳал қилишга қаратилган бошқа битимлар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги аризага асосан юборилган сўровга кўра, амалга оширилган нотариал ҳаракатлар ҳақидаги маълумотномалар (маълумотлар), шу жумладан қимматли қоғозлар, кўчмас мулк, автомототранспорт воситаларининг олди-сотди, ҳадя, ижара, гаров, текин фойдаланиш, лизинг шартномалари тўғрисидаги ва ижара ҳақининг миқдори ҳақидаги, автомототранспорт воситасини бошқариш ва сотиш ҳуқуқи билан берилган ишончномалар тўғрисидаги, мерос ва ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳамда даромад келтирадиган ва мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган бошқа битимларнинг миқдори ҳақидаги маълумотлар; кредит бюросига унинг сўровига кўра — битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар); риэлторлик ташкилотига унинг сўровига кўра — битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар); манфаатдор шахсларга васият қилувчининг вафотидан кейин — васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар берилади. Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши мақсадида унинг сўровига кўра тақдим этилади. Маълумотномаларни (маълумотларни) тақдим этиш ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.