Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс

85-modda. Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси

(85-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 26 сентябрдаги ЎРҚ-1084-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.09.2025 й., 03/25/1084/0874-сон)

Эксперт ёки экспертлар комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади. Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган суд тўғрисидаги маълумотлар; эксперт тўғрисидаги (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақидаги маълумотлар; била туриб нотўғри хулоса берганлик, иш ёпиқ суд мажлисида кўрилганда ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида экспертнинг огоҳлантирилганлиги; эксперт олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар; текширишларнинг қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолдаги мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга эга бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак. Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ёхуд бошқа корхонада, муассасада, ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган суднинг талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади. Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса қўйилган айрим саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши керак. Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган судга юборилади. Хулоса суд мажлисида текширилади ҳамда бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.