Ma'muriy javobgarlik kodeksi

99-modda. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш

(99-модда биринчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 5 февралдаги ЎРҚ-1118-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.02.2026 й., 03/26/1118/0120-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 10 май)

Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг кўрсатмаларини бажаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ҳамда икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно), — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса — етмиш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари, мансабдор шахсларга эса — бир юз эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Лойиҳа ташкилоти томонидан буюртмачига қурилиш-монтаж ишлари давомида лойиҳага мувофиқ бериладиган мажбурий кўрсатмаларни тўлиқ бажармаслик, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари, мансабдор шахсларга эса — етмиш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари, мансабдор шахсларга эса — юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бинокорлик материалларини, конструкцияларини ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари, мансабдор шахсларга эса — бир юз эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда (бош режаларда назарда тутилмаган) бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга эса — икки юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Объектларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясини ёки Транспорт назорати инспекциясини хабардор қилмасдан ёхуд рўйхатдан ўтказмасдан қуриш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга эса — икки юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Объектларни эксперт ташкилотларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларига доир ижобий хулосасисиз қуриш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари, мансабдор шахсларга эса — юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг ўнинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари, мансабдор шахсларга эса — бир юз эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шаҳарсозлик ҳужжатларига уларда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлими (қисми) мавжуд бўлмаган ҳолда ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган ушбу алоҳида бўлим (қисм) бўйича эксперт ташкилотлар томонидан ижобий хулоса бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шаҳарсозлик ҳужжатларида ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлимига (қисмига) амал қилинмаган ҳолда қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси органлари томонидан рухсатнома бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.