Ma'muriy javobgarlik kodeksi

324¹⁹-modda. Кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш тартиби

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни суд мажлисида ушбу параграфда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу Кодекснинг XXIII бобида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш қоидаларига биноан кўриб чиқади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация инстанциясида кўрилаётганда суд мажлиси иш бўйича раислик қилувчи томонидан очилади, у қандай иш ва кимнинг кассация шикояти (протести) бўйича кўрилаётганлигини эълон қилади. Шундан кейин раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, суд мажлиси котибининг, шунингдек, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, прокурорнинг, адвокатнинг ва таржимоннинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини маълум қилади. Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи қайси шахслар, уларнинг вакиллари келганлигини аниқлаштиради, ҳозир бўлганларнинг шахсини аниқлайди, мансабдор шахслар ва вакилларнинг ваколатларини текширади, ишда иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, билдирилган илтимосномаларни ҳал қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни кассация тартибида кўриш учун монелик қилмайди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кассация инстанцияси судида кўриш суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг маърузаси билан бошланади. Маъруза давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳолатлари, биринчи инстанция суди қарорининг мазмуни, кассация шикояти (протести) важлари баён этилади. Маърузадан кейин суд мажлисида ҳозир бўлган, ишда иштирок этувчи шахсларнинг, улар вакилларининг тушунтиришлари эшитилади. Кассация шикояти берган шахс ёки унинг вакили ёхуд, агар прокурор кассация протести берган бўлса, прокурор биринчи бўлиб сўзга чиқади. Кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг сўзларини эшитиб, тегишли илтимосномалар мавжуд бўлганда ёки ўз ташаббусига кўра ишдаги мавжуд ва судга тақдим этилган (суд томонидан талаб қилиб олинган) янги далилларни текширади. Суд кассация шикоятининг (протестининг) важлари билан чегараланмай, унга илова қилинган қўшимча материалларни ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тўлиқ ҳажмда текширади. Кассация инстанцияси суди иш ҳолатларини аниқлаштиришни ва далилларни текширишни тамомлагач, ишда иштирок этаётган шахсларга улар судда тушунтиришлар берган кетма-кетликда музокараларда чиқиш имкониятини яратади. Суд музокаралари тугаллангач, судья қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киради. Ишни кассация тартибида кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади. Қарорнинг кўчирма нусхалари кассация шикояти (протести) берган шахсга ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ушбу Кодекснинг 324¹¹-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.