Ma'muriy javobgarlik kodeksi

220-modda. Қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомалада бўлиши қоидаларини бузиш

(220-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ-772-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2022 й., 03/22/772/0460-сон — 2022 йил 2 декабрдан кучга киради)

Ички ишлар органларининг тегишли рухсатномасига эга бўлган жисмоний шахсларнинг фуқаровий, мукофот тарзида берилган, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган қуролни ва унинг ўқ-дориларини реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қоидаларини бузиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ҳақини тўлаб шу қуролни ва ўқ-дориларни олиб қўйишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — қуролни ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини хизмат қуролидан ва унинг ўқ-дориларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг мансабдор шахслари ҳамда махсус хизмат вазифаларига эга бўлган юридик шахсларнинг ходимлари томонидан бузиш, худди шунингдек қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини олиш, бериш, ҳисобга олиш, реализация қилиш, ташиш, сақлаш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қоидаларини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларига эга бўлган юридик шахсларнинг қурол ва унинг ўқ-дорилари, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари бут сақланишини, уларнинг белгиланган тартибда берилиши-қабул қилиб олинишини ҳамда ҳисобга олинишини таъминлашга доир мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган масъул ходимлари томонидан бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини қабул қилиш, ҳисобга олиш ҳамда сотиш қоидаларини фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилишга доир лицензияга эга бўлган юридик шахсларнинг мансабдор шахслари томонидан бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ички ишлар органларининг тегишли рухсатномалари расмийлаштирилган фуқаровий ва хизмат қуролига товушсиз ўқ узиш мосламаларини ҳамда тунда кўриш мўлжаллагичларини (бундан ов қилиш учун мўлжаллагичлар мустасно) ўрнатиш — товушсиз ўқ узиш мосламаларини ва тунда кўриш мўлжаллагичларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.