«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун

24-modda. Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари

(24-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-976-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.10.2024 й., 03/24/976/0833-сон)

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига: ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ҳамда уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш; вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш; вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозларини маълумот учун қабул қилиш; вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш; тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш; вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш; маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш; ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш; Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Халқ қабулхоналарининг тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги ахборотини ҳар чоракда эшитиш; ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чораларини кўришга қаратилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар олти ойда эшитиш; ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш; халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари Кенгаши доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш; халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш; қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш; зарурат бўлганда ижро этувчи ҳокимият бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, шу жумладан қонунларга риоя этилиши, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш; тегишли прокурорларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитиш; Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш; тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш; тегишинча ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг ахборотини эшитиш; Кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш, Кенгаш текширувини ўтказиш, депутат сўровларини юбориш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш; ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги тақдимномасига асосан Кенгаш қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш; ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш; ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимликнинг тузилмасини, штатларини ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондини тасдиқлаш киради. Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари: тегишли вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ҳамда Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди; жисмоний ва юридик шахсларга тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда бузиб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) минтақавий вакилининг инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисидаги маърузасини ҳар йили эшитади; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) минтақавий вакилининг тегишли ҳудудда бола ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисидаги маърузасини ҳар йили эшитади; тегишли ҳудудда маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрнатиш ва бузиш (кўчириш) тўғрисида қарорлар қабул қилади; фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўз ваколатлари жумласига киритилган бошқа ташкилий масалаларни ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ назорат қилишга доир масалаларни ҳал этади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.