Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
талабгорнинг лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;
қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;
талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга мувофиқ ўтказилиши мажбурий бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ҳамда техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.
Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан ёхуд бошқа асосларга кўра, шу жумладан қуйидаги ҳолларда рад этишга йўл қўйилмайди:
ходимларнинг касбий малакаси қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;
тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;
лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига мувофиқ фойдаланиладиган бино ва иншоотлар санитария-эпидемиологик ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлмаганда.
Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси ва иккинчи қисмининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, ваколатли орган уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат беради. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома ваколатли орган томонидан махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда талабгорга бир иш куни ичида юборилади.
Хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек талабгор кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ваколатли орган аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга малакали ходимларни излашда, ҳужжатлар ҳамда дастурларни маромига етказиш учун мутахассисларни жалб этишда, шунингдек лицензияларни ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ўзга ҳужжатларни олиш учун бошқа зарур шарт-шароитларни яратишда ёрдам кўрсатиши ва тавсиялар бериши керак, бундан талабгорлар таклиф этилган ёрдамни рад этган ҳоллар мустасно.
Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома юборилган тақдирда лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, ваколатли орган лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва талабгор мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда юборилади. Талабгорлар рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги электрон хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Талабгор лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёхуд уни беришни рад этиш талабгорнинг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмайдиган муддатда ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Талабгорларнинг аризаларини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан талабгорга илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши мустасно.
Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
Талабгор лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ушбу Қонуннинг 7-бобида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
lex.uz’dagi asl matn«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун
29-modda. Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш
(29-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-878-сонли Қонунига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.11.2023 й., 03/23/878/0852-сон — 2024 йил 17 февралдан кучга киради)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.