Jinoyat-protsessual kodeksi

95¹-modda. Далилларнинг мақбул эмаслиги

(95¹-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 03/24/1003/0943-сон)

Агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ушбу Кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, шу жумладан: 1) жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда; 2) уларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан; 3) гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда; 4) жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатнинг мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бажарилиши натижасида; 5) номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан; 6) жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади. Фактик маълумотлардан далил сифатида фойдаланишнинг мақбул эмаслиги терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг ўз ташаббуси билан ёки иштирокчиларнинг илтимосномаси бўйича аниқланади. Терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья далилларнинг мақбул эмаслиги тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганида ҳар бир ҳолатда йўл қўйилган бузилиш нимада аниқ ифодаланганлигини аниқлаб олиши ва асослантирилган қарор қабул қилиши шарт. Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан ушбу Кодекс нормалари бузилган ҳолда олинган кўрсатувлардан, эксперт хулосасидан, ашёвий, ёзма ва рақамли далиллардан, аудио-, видеоёзувлардан ва бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади. Олиб қўйиш ёки кўздан кечириш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганда мутахассис иштирокисиз олинган электрон маълумотлар номақбул далиллар деб топилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.