Кассация инстанцияси судининг мажлиси раислик қилувчи томонидан очилади, у қандай жиноят иши ва кимнинг кассация шикояти (протести) бўйича кўрилаётганлигини эълон қилади. Шундан кейин раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, прокурорнинг, ҳимоячининг, суд мажлиси котибининг, шунингдек, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг фамилиясини, исмини ва отасининг исмини маълум қилади.
Раислик қилувчи ҳозир бўлган жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради ва уларда рад қилишга оид арзлар ҳамда илтимосномалар бор-йўқлигини, улар кассация шикоятида (протестида) баён этилган илтимосномаларни қувватлашини ёки қувватламаслигини аниқлайди. Бундай илтимосномалар мавжуд бўлганда суд улар бўйича ажрим чиқаради.
Ишни кўриш судьялардан бири томонидан биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг, кассация шикоятининг (протестининг) мазмунини қисқача баён этиш билан бошланади.
Судьянинг маърузасидан кейин суд кассация шикояти (протести) берган тарафларнинг маърузаларини ва бошқа тарафнинг эътирозларини эшитади. Бир нечта шикоят мавжуд бўлган тақдирда сўзга чиқиш навбати тарафларнинг фикрлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Агар берилган кассация шикоятлари билан бир қаторда прокурор билдирган кассация протести мавжуд бўлса, сўз биринчи навбатда прокурорга берилади.
Кассация инстанцияси судининг мажлисида иштирок этаётган прокурор кўриб чиқилаётган кассация шикоятлари юзасидан фикрини билдиради, протестда кўрсатилган важларни баён этади.
Суд тарафларнинг фикрларини эшитиб, биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини лозим даражада текшириш заруратидан келиб чиқиб, бевосита суд мажлисида текширилиши лозим бўлган далиллар ҳажмини аниқлаш тўғрисида, суд мажлисига маҳкумни (оқланган шахсни), жабрланувчини, гувоҳларни, экспертларни ва зарурат бўлганда бошқа шахсларни чақириш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан кейин суд суднинг мажлисига чақирилган маҳкумни (оқланган шахсни), жабрланувчиларни, гувоҳларни сўроқ қилиш йўли билан далилларни текширишга, шунингдек тарафларнинг илтимосномаси бўйича ҳамда ўзининг ташаббуси билан ҳужжатларни, баённомаларни ва ишга алоқадор бошқа материалларни ўқиб эшиттиришга киришади.
Далилларни текшириш тартиби тарафларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Тарафлар кассация инстанцияси судига кассация шикоятида (протестида) келтирилган важларни тасдиқлаб ёки инкор этиб, қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.
Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳлар, агар суд буни зарур деб топган бўлса, кассация инстанцияси судида сўроқ қилинади.
Тарафларнинг далилларни, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириш тўғрисидаги ва суд мажлисига гувоҳларни, экспертларни ҳамда бошқа шахсларни чақириш ҳақидаги илтимосномалари ушбу Кодекс 438-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади. Бунда суд илтимосномани қаноатлантиришни фақат илтимоснома биринчи инстанция суди томонидан қаноатлантирилмаганлигига асосан рад этишга ҳақли эмас.
Биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар (янги далиллар) суд томонидан қабул қилинади, бунда уларни текшириш тўғрисида илтимоснома берган шахс ўзига боғлиқ бўлмаган қайси сабабларга кўра бу далилларни биринчи инстанция судига тақдим этишга имконияти бўлмаганлигини тушунтириб бериши керак.
Кассация инстанцияси суди далилларни текширишга, шу жумладан видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда текширишга ҳақли.
Суд тергови тугаллангач, суд тарафлардан суд терговига қўшимча қилиш юзасидан илтимослари бор-йўқлигини суриштиради. Суд бу илтимосларни ҳал этади ва шундан кейин тарафларнинг музокараларига ўтади.
Суд музокаралари ушбу Кодекснинг 449-моддаси қоидалари асосида ўтказилади, бунда шикоят (протест) берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Тарафларнинг музокаралари тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи маҳкумга (оқланган шахсга), агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, охирги сўзни беради, шундан сўнг суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.
Кассация инстанцияси судининг қарори ушбу Кодекснинг 497³¹-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.
Кассация инстанцияси судининг қарорини эълон қилиш ушбу Кодекснинг 473, 497³¹-моддалари қоидаларига кўра амалга оширилади.
Кассация инстанцияси судида суд мажлисининг баённомаси юритилади. Суд мажлисининг баённомаси ушбу Кодекснинг 426-моддасида кўрсатилган муддатларда тайёрланиши керак. У билан суд мажлисининг барча иштирокчилари танишишга ҳақли. Суд мажлисининг баённомаси юзасидан ушбу Кодекснинг427-моддасида назарда тутилган тартибда мулоҳазалар билдирилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matnJinoyat-protsessual kodeksi
509⁷-modda. Жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўриш тартиби
(509⁷-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги ЎРҚ-869-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.09.2023 й., 03/23/869/0730-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.