Jinoyat-protsessual kodeksi

426-modda. Суд мажлисининг баённомаси

(426-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрдаги ЎРҚ-716-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.09.2021 й., 03/21/716/0877-сон)

Суд муҳокамаси вақтида суд мажлисининг котиби ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида баённома юритади. Баённома қўлда ёки компьютерда ёзилиши мумкин. Баённоманинг тўлиқ бўлишини таъминлаш учун аудиоёзув воситаларидан, стенограмма юритишдан фойдаланиш мумкин. Суд мажлисининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади: суд ишининг рақами; мажлиснинг жойи ва санаси, мажлис бошланган ва тамом бўлган вақт кўрсатилган ҳолда; суднинг номи ва таркиби; суд мажлисининг котиби, таржимон, айбловчи, ҳимоячи, судланувчи, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, шунингдек суд чақирган бошқа шахслар; кўрилаётган иш; судланувчининг шахсига доир маълумотлар; ҳозир бўлган ва ҳозир бўлмаган гувоҳлар ҳамда уларнинг келмаганлик сабаблари. Баённомада: раислик қилувчининг барча фармойишлари кўрсатилади ва суднинг ҳаракатлари қандай тартибда ўтган бўлса, шу тартибда ёзилади; ишда иштирок этувчи шахсларнинг ариза ва илтимосномалари; судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳлар кўрсатувларининг батафсил мазмуни; берилган саволларга экспертнинг жавоблари; суд музокараларининг кетма-кетлиги, суд музокараларида иштирок этган шахсларнинг хулосалари ҳамда судланувчи охирги сўзининг мазмуни; башарти жиноят процесси иштирокчилари илтимос қилса, ишни кўриш пайтида юз берган ҳолатлар тўғрисидаги арзлар акс эттирилади. Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилганлардан ташқари: суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги ҳақидаги; техника воситалари тўғрисидаги; суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суд ва ходимлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга олинган тақдирда, суд мажлиси баённомасига суд мажлисида ёзиб олиш техника воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади. Аудио- ва видеоёзув сақланаётган электрон ёки бошқа манбалар суд мажлиси баённомасига илова қилинади, унда ушбу воситалар қўлланилганлиги ҳақида белги қўйилади. Суд зарур деб топган ҳолларда, гувоҳлар ва жабрланувчилар суд мажлисининг баённомасидаги ўзи берган кўрсатувларни имзолайди. Суд мажлисининг баённомаси раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланади. Суд мажлиси баённомасининг мазмуни бўйича раислик қилувчи билан суд мажлисининг котиби ўртасида келишмовчилик бўлган тақдирда, котиб ўз мулоҳазаларини баённомага илова қилиши шарт, бу мулоҳазалар суд таркиби томонидан кўрилади. Ушбу масала юзасидан ажрим чиқарилиб, баённомага илова қилинади. Суд мажлисининг баённомаси ҳукм чиқарилган куннинг эртасидан, мураккаб ишлар бўйича эса уч суткадан кечиктирмай имзоланиши керак. Тарафлар баённоманинг ва суд мажлиси аудиоёзувининг кўчирма нусхаларини ўз ҳисобидан олишга ҳақли.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.