Jinoyat-protsessual kodeksi

423-modda. Суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби

(423-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 26 сентябрдаги ЎРҚ-1084-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.09.2025 й., 03/25/1084/0874-сон)

Суд муҳокамаси вақтида ҳал қилинадиган барча масалалар юзасидан суд ажрим чиқаради. Суд эҳтиёт чораларини қўллаш (ўзгартириш, бекор қилиш) тўғрисидаги, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисидаги, айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги, айбланувчининг, судланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги, мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги, тинтув ўтказиш ҳақидаги, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришни, улар орқали узатиладиган ахборотни олишни амалга ошириш тўғрисидаги, мол-мулкни хатлаш ҳақидаги, рад қилишлар тўғрисидаги ажримларни, бошқа органларга ижро этиш учун юбориладиган ўзга ажримларни, шунингдек хусусий ажримларни алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқаради. Бу ажримлар алоҳида ҳужжатлар тарзида расмийлаштирилади ва суд томонидан имзоланади. Судланувчининг бошқа шахсларга ёки бошқа шахсларнинг судланувчига почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги суд ажримида алоқа муассасаси томонидан судга почта-телеграф жўнатмаларини етказиб бериш ҳақида кўрсатма бўлиши лозим. Ушбу Кодекснинг 19-моддасида назарда тутилган ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асослар мавжуд бўлганда суд ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқаради. Бошқа барча ажримлар суднинг хоҳиши билан ё юқорида кўрсатилган тартибда, ёки ўз жойида чиқарилиб, бу ажрим суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади. Суд муҳокамаси вақтида суднинг чиқарган ҳар бир ажрими дарҳол эълон қилиниши лозим.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.