Терговчи: жиноят ишини қўзғатишга ва тугатишга, ишни қўзғатишни рад этишга; жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш ва сўроқ қилишга; ушбу Кодексда назарда тутилган тергов ҳаракатларини олиб боришга; шахсни ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилишга; шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида қарор қабул қилишга, бундан қамоққа олиш ёки уй қамоғи мустасно; ўз юритувига қабул қилган ишлар бўйича тезкор-қидирув тадбирларини бажариш тўғрисида ёзма топшириқлар беришга; бошқа терговчи ва суриштирувчиларга айрим тергов ҳаракатларини юритиш тўғрисида топшириқ беришга; терговга қадар текширув ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга шахсларни ушлаб туриш, мажбурий келтириш, қидириш тўғрисидаги қарорларнинг ижросини топширишга, улардан айрим тергов ҳаракатларини юритишда кўмаклашишни талаб қилишга; қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, уй қамоғи бўйича қўшимча тақиқ (чеклов) белгилаш тўғрисида илтимоснома беришга, шунингдек эҳтиёт чорасини ушбу Кодекснинг 240 ва 243¹-моддаларига мувофиқ бекор қилишга ёки ўзгартиришга; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома беришга; Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисида илтимоснома беришга; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур процессуал мажбурлов чораларини ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; мурдани эксгумация қилиш тўғрисида, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур чораларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; тинтув ўтказиш тўғрисида, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақида, мол-мулкни хатлаш тўғрисида илтимосномалар беришга; амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритишга ҳақлидир.
Терговчи терговнинг йўналиши ва тергов ҳаракатларини юритишга оид барча қарорларни, прокурор рухсатини олиш қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мустақил равишда қабул қилади.
Терговчи прокурорнинг шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги, жиноятни тавсиф қилиш ва айблов ҳажми ҳақидаги, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, уй қамоғи бўйича қўшимча тақиқ (чеклов) белгилаш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритиш ҳақидаги ишни судга юбориш ёки ишни тугатиш ҳақидаги, тугалланган ишни қўшимча терговга қайтариш ҳақидаги кўрсатмаларига рози бўлмаса, ўз эътирозларини ёзма равишда баён қилган ҳолда ишни юқори турувчи прокурорга тақдим этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда қуйи турувчи прокурорнинг кўрсатмасини юқори турувчи прокурор ўз қарори билан ё бекор қилади ёки иш бўйича тергов юритишни бошқа терговчига топширади.
Терговчининг ўз юритишидаги иш юзасидан қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
lex.uz’dagi asl matnJinoyat-protsessual kodeksi
36-modda. Терговчининг ваколатлари
(36-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 15 августдаги ЎРҚ-1081-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2025 й., 03/25/1081/0738-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.