Ашёвий далиллар сифатида аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган нарсалар, ҳужжатлар ва электрон маълумотлар тақдим этилганлиги тўғрисида терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ушбу Кодекснинг 90, 91 ва 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ баённома тузади, суд эса суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўяди.
Баённомада:
1) нарсаларни ёки ҳужжатларни ёхуд электрон маълумотларни тақдим этган шахс тўғрисидаги маълумотлар;
2) ушбу шахснинг нарсаларни ёки ҳужжатларни ёхуд электрон маълумотларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги илтимосномаси;
3) нарсаларни ёки ҳужжатларни ёхуд электрон маълумотларни кўздан кечириш жараёни ва натижалари, агар улар почта орқали юборилган бўлса, уларнинг ўровини кўздан кечириш натижалари;
4) нарсаларнинг ёки ҳужжатларнинг ёхуд электрон маълумотларнинг терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахсига, суриштирувчига, терговчига ёки судга ҳақиқатан ҳам топширилганлиги ёхуд нарсалар ёки ҳужжатлар ёхуд электрон маълумотлар уни тақдим этган шахсга қайтариб берилганлиги кўрсатилади.
Ашёвий далил сифатида аҳамиятли бўлган ёки аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган нарса ёки ҳужжатни тақдим этган шахсга суриштирувчи ёки терговчи баённомадан нусха, суд мажлисида раислик қилувчи эса суд мажлиси баённомасидан кўчирма беради.
Қабул қилиб олинган нарса ёки ҳужжат почта орқали келган бўлса, баённоманинг нусхаси ёки ундан олинган кўчирма нарсани ёки ҳужжатни юборган шахсга жўнатилади, почта паттаси баённомага илова қилинади. Суриштирувчи, терговчи ёки суд почта орқали олинган нарса ёки ҳужжатни ишга алоқадор эмас деб топиб, уни юборувчига почта орқали қайтарган тақдирда ҳам почта паттаси баённомага қўшиб қўйилади.
Тақдим этилган нарса ёки ҳужжатни ашёвий далил сифатида ишга қўшиб қўйиш ҳақидаги илтимосни рад қилиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради. Тафтишлар ва бошқа хизмат текширувларининг далолатномалари ёзма далил сифатида тақдим қилинган бошқа ҳужжатлар қатори ишга махсус расмийлаштирилмасдан қўшиб қўйилади.
Тергов ёки суд ҳаракатларини юритишда вақтинча фойдаланиш учун сўралган нарсаларнинг қабул қилингани ва қайтариб берилгани суриштирувчи, терговчи, суд мажлисида раислик қилувчи ёки суд мажлисининг котиби, шунингдек нарсаларнинг эгаси томонидан бериладиган тилхатлар билан расмийлаштирилади. Тақдим қилинган нарсалар иш учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлса, уларнинг белгилари, хоссалари, техникавий тавсифи, башарти улар юритилаётган тергов давомида ишлатилган бўлса, шу тергов ҳаракати баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.
lex.uz’dagi asl matnJinoyat-protsessual kodeksi
202-modda. Нарсаларни, ҳужжатларни ва электрон маълумотларни тақдим этиш баённомаси
(202-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 03/24/1003/0943-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.