Jinoyat-protsessual kodeksi

121-modda. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг ўзига хос жиҳатлари

(121-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1130-сонли Қонунига асосан тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2026 й., 03/26/1130/0376-сон)

Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ва (ёки) психолог ёхуд жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Кўрсатилган шахслар сўроқ қилувчининг рухсати билан гувоҳ ёки жабрланувчига саволлар беришлари мумкин. Педагогни ва (ёки) психологни сўроқ қилишга жалб этиш вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчи қонуний вакилининг ёки катта ёшдаги яқин қариндошининг, жабрланувчи вакилининг илтимосига биноан ёхуд суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг ташаббусига кўра амалга оширилади. Педагогнинг ва (ёки) психологнинг иштироки жиноят ишини юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан таъминланади. Вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишда иштирок этиш учун педагогни ва (ёки) психологни жалб этиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқи сўроқ қилишдан олдин унинг қонуний вакилига ёки катта ёшли яқин қариндошига, жабрланувчи вакилига суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан тушунтирилади. Вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлиги вояга етмаганнинг ёшидан ва ҳолатидан келиб чиқиши ҳамда: 1) 7 ёшгача бўлганларга нисбатан — танаффусларсиз ўттиз дақиқадан, жами бир соатдан; 2) 7 ёшдан 14 ёшгача бўлганларга нисбатан — танаффусларсиз бир соатдан, жами икки соатдан; 3) 14 ёшдан 18 ёшгача бўлганларга нисбатан — танаффусларсиз икки соатдан, жами тўрт соатдан ошмаслиги керак. Вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини қўшимча сўроқ қилиш сўроқ қилинувчи ишнинг ўзига маълум бўлган барча ҳолатлари тўғрисида кўрсатув бера олиши учун ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган сўроқнинг умумий давом этиш вақти етарли бўлмаган ҳолларда, шунингдек ушбу Кодекс 108-моддасининг 2 — 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳам амалга оширилади. Ўн олти ёшгача бўлган гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар, бироқ суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи шу гувоҳ ва жабрланувчиларга уларнинг процессуал ҳуқуқи ва мажбуриятларини тушунтириш чоғида ҳаққоний кўрсатув бериш ва бу билан жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга кўмаклашиш маънавий бурч эканлигини эслатиб ўтади. Жинсий эркинликка қарши, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар савдосига оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш, шунингдек бошқа ҳолатларда сўроқ қилиш, агар буни одил судловнинг ёки вояга етмаган шахснинг манфаатлари талаб этса, стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хонада қонуний вакил, педагог ва (ёки) психолог иштирокида ўтказилиши мумкин. Сўроқни стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналарда ўтказиш тартиби суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан белгиланади. Зарур бўлган ҳолларда, ҳимоячи, вояга етмаган шахснинг қонуний вакили, педагог ёки психолог саволларни суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг рухсати билан қайта тузиш ҳуқуқига эга, бунда саволларнинг моҳияти ўзгартирилмайди. Вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш стенографияси, улар кўрсатувларининг аудио- ва видеоёзувлари ушбу моддага мувофиқ баённомага илова қилинади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.