Jinoyat kodeksi

48¹-modda. Озодликни чеклаш

(48¹-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)

Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёхуд ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат. Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин: муайян жойларга бормаслик; оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик; муайян фаолият билан шуғулланмаслик; муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик; транспорт воситасини бошқармаслик; маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик; муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик; алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик; алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик. Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин. Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин. Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди. Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.