Jinoyat kodeksi

244-modda. Оммавий тартибсизликлар

(244-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1051-сонли Қонунига асосан учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.03.2025 й., 03/25/1051/0278-сон)

Оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар: а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; б) оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шахснинг оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтиши, шу жумладан оммавий тартибсизликларни содир этиш билимини, амалий маҳоратини ва кўникмаларини эгаллаши, ўқув чоғида қурол-яроғ, портлатиш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган бошқа моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш усулларини ўрганиши, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш ёхуд ушбу фаолиятни молиялаштириш, худди шунингдек оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўқувдан ўтганлиги тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар қилса, содир этилган жиноятни фош қилишга ёки бундай ўқувдан ўтган, ўқувни амалга оширган, ташкил этган ёхуд молиялаштирган бошқа шахсларни, шунингдек ўқув ўтказилган жойни аниқлашга фаол кўмаклашса ва агар унинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби мавжуд бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.