Жиноят-ижроия кодекси

90-modda. Маҳкумларнинг иш вақти

(90-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 17 майдаги ЎРҚ-770-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.05.2022 й., 03/22/770/0424-сон)

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган иш вақтининг энг кўп нормасига риоя этган ҳолда, одатда, олти кунлик иш ҳафтаси белгиланади. Маҳкумлар иш вақти режимини жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ишлаб чиқариш хусусиятига қараб белгилайди. Маҳкумларни иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ишга жалб этишга ишлаб чиқариш зарурати бўлган тақдирда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган иш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўп муддатига риоя этган ҳолда йўл қўйилади. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилганда, маҳкумлар иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ёки тунги ишларга жалб этилган тақдирда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда вояга етмаган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чеклашларга риоя этиш шарт. Маҳкума ҳомиладор аёллар, шунингдек жазони ижро этиш муассасалари қошидаги болалар уйларида боласи бор аёллар иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ишга ёки иш вақти жамлаб ҳисобга олинадиган режимда ишлашга ўзларининг розилиги билан жалб этилиши мумкин. Мазкур шахслар тунги ишларга, уларнинг розилигини олган ҳолда ва тегишли тиббий хулоса бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин. Маҳкумларнинг иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларидаги ишлари учун икки ҳисса ҳақ тўланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.