Жиноят-ижроия кодекси

88-modda. Маҳкумларни меҳнатга жалб этиш

(88-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 февралдаги ЎРҚ-817-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.02.2023 й., 03/23/817/0091-сон)

Маҳкумларни меҳнатга жалб этишдан асосий мақсад уларда ижтимоий-фойдали фаолият билан шуғулланиш эҳтиёжини шакллантиришдан иборат. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисослиги ҳисобга олинган ҳолда ишлаши керак. Маҳкумларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан, ушбу Кодексда назарда тутилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, тартибга солинади. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, одатда, жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг корхоналарида, айрим ҳолларда эса, керакли тарзда қўриқлаш ва батамом ажратиб қўйиш таъминланган тақдирда, бошқа корхоналарда меҳнатга жалб этилади. Маҳкумларнинг хусусий шахслар фойдасига меҳнат қилишига йўл қўйилмайди. Олтмиш ёшдан ошган эркаклар, эллик беш ёшдан ошган аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга ўз хоҳишларига кўра жалб этиладилар. Маҳкума аёллар ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан қонунчиликда белгиланган муддатга ишдан озод қилинадилар. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда бажариш тақиқланган ишларда аёл ва вояга етмаган маҳкумлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Маҳкумлардан фойдаланиш тақиқланган ишлар ва лавозимлар рўйхати қонунчилик билан белгилаб қўйилади. Маҳкумлар топширилган ишни ҳалол, виждонан бажаришга, меҳнат ва технология интизомига, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этишлари шарт. Уларнинг меҳнатга оид ва бошқа низоларни ҳал этиш мақсадида ишни тўхтатиб қўйиши тақиқланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.