Жиноят-ижроия кодекси

18-modda. Жазони ўташ жойларига кириш

(18-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-1002-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.11.2024 й., 03/24/1002/0936-сон)

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахслар жазони ижро этувчи муассасалар ва органларга кириш ҳуқуқига эга. Шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга, зарур ҳужжатлар билан танишишга ҳақли. Жазони ижро этувчи муассасалар ва органларга кириш тартиби қонунчилик билан белгиланади. Маҳкумларни кино-, фото-, видеотасвирга туширишга ва улардан интервью олишга уларнинг ёзма розилиги билан, шунингдек жазони ижро этувчи органнинг рухсатига асосан йўл қўйилади. Маҳкумларнинг хавфсизлигини ва қўриқланишини таъминловчи объектларни тасвирга олишга жазони ижро этувчи муассасанинг ёки органнинг рухсати билан йўл қўйилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.