«Iste'molchilarning huquqlarini himoya qilish to'g'risida»gi qonun

20-modda. Товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик

(20-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-1088-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.10.2025 й., 03/25/1088/0948-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 19 январь)

Товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузиш натижасида истеъмолчининг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрнини қоплашда мувофиқликни баҳолаш органи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан бирга солидар жавобгар бўлади. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилинган) пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки фойдаланиш, сақлаш ёхуд ташишнинг белгиланган қоидалари истеъмолчи томонидан бузилиши туфайли етказилганлигини исботласа, у жавобгарликдан озод қилинади. Товарда (ишда, хизматда) нуқсонлар борлиги ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмаслиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) текширув (тест, экспертиза) ўтказган истеъмолчига ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларига товарларни (ишларни, хизматларни) текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ қоплаши керак.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.