Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс);
ишлаб чиқарувчи — истеъмолчига реализация қилиш учун товар ишлаб чиқарадиган корхона, ташкилот, муассаса якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар;
ижрочи — маиший хизмат, уй-жой-коммунал, таъмирлаш-қурилиш, транспорт хизмати ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида шартнома бўйича истеъмолчи учун ишлар бажарадиган ёки хизматлар кўрсатадиган корхона, ташкилот, муассаса якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар;
сотувчи — олди-сотди шартномаси бўйича истеъмолчига товар реализация қиладиган корхона, ташкилот, муассаса якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар;
шартнома — товарни олиш-сотишни амалга оширишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда сифат, миқдор, муддат, нарх ва бошқа шартлар тўғрисида истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги оғзаки ёки ёзма келишув;
товар — ишлаб чиқарувчи фаолиятининг истеъмолчига шартнома бўйича сотиш учун мўлжаллаган маҳсули, шу жумладан, импорт маҳсулоти;
норматив ҳужжатлар — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатлар (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат фармакопеяси ҳамда фармакопея мақолалари), техник тавсифлар, рецептуралар, шунингдек товарнинг (ишнинг, хизматнинг) сифатига ва хавфсизлигига доир мажбурий талабларни ўз ичига олган бошқа ҳужжатлар;
товар (иш, хизмат)нинг хавфсизлиги — товарни истеъмол қилиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш ёки утилизация қилишнинг, шунингдек, иш ёки хизмат натижаларидан фойдаланишнинг одатдаги шароитларида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ва атроф-муҳитга зарар етказилиши эҳтимоли билан боғлиқ хавф хатарнинг йўқлиги;
мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат;
товар (иш, хизмат)нинг нуқсони — товар (иш, хизмат)нинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товар (иш, хизмат)нинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги;
товар (иш, хизмат)нинг жиддий нуқсони — товар (иш, хизмат)дан белгиланган мақсадда фойдаланиб бўлмайдиган қилиб қўядиган ёхуд бартараф этиш учун кўп меҳнат ва вақт сарфлаш талаб қиладиган камчилик;
кафолат муддати — товардан (хизматдан) фойдаланишнинг (онлар ҳисобидаги) норматив муддати ёки товар (хизмат)нинг муайян вазифани (неча соатда, нечта иш жараёнида, қанча километр масофани босиб ўтиб ва ҳ.к.) бажариш вақти тарзида белгиланган муддати бўлиб, бу муддат ичида ишлаб чиқарувчи (ижрочи), башарти товарни ишлатиш (хизматдан фойдаланиш) қоидаларига риоя этилган бўлса, товарнинг (хизматнинг) сифатига нисбатан норматив ҳужжатларда назарда тутилган талаблар бажарилишини кафолатлайди ва таъминлайди;
хизмат муддати — товардан фойдаланишнинг белгиланган муддати бўлиб, у тамом бўлгач, товарнинг техник ҳолатидан қатьи назар, ундан фойдаланиш тўхтатилиши лозим;
яроқлилик (сақлаш) муддати — муайян давр бўлиб, бу даврда товар фойдаланишга яроқли бўлади ва у тамом бўлгач, товар одамлар ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин;
касса чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқлайдиган, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ва касса аппаратининг номери кўрсатилган ҳужжат;
товар чеки — товарнинг сотиб олинганлигини ёки иш (хизмат)нинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи, товар (иш, хизмат)нинг баҳоси, ҳақ тўланган сана ҳамда сотувчининг номи ва жойлашган манзили ҳақидаги маълумот кўрсатилган ҳужжат.
товарни (ишни, хизматни) истеъмолчидан қайтариб олиш — агар товар (иш, хизмат) истеъмолчи мулкига айланган ёки унга таклиф этилган бўлса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан амалга ошириладиган, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги талабларига мос бўлмаган товарни (ишни, хизматни) қайтариб олишга қаратилган ҳар қандай чора;
товарни (ишни, хизматни) муомаладан чиқариш — ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан амалга ошириладиган, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги талабларига мос бўлмаган товарга (ишга, хизматга) офертани тугатиш ва бунга йўл қўймасликка қаратилган ҳар қандай чора;
lex.uz’dagi asl matn«Iste'molchilarning huquqlarini himoya qilish to'g'risida»gi qonun
1-modda. Ушбу Қонунда қўлланиладиган асосий тушунчалар
(1-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 январдаги ЎРҚ-1021-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.01.2025 й., 03/25/1021/0063-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.