Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш бўйича кимошди савдоси ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Давлат ижрочисининг буюртмаси ёки кимошди савдоси ташкилотчиси сифатида иш юритадиган тегишли ихтисослаштирилган ташкилот билан тузган шартномаси кимошди савдосини ўтказиш учун асос бўлади.
Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш бўйича кимошди савдоси шу мол-мулк турган жойда ўтказилади.
Кимошди савдоси ташкилотчиси кимошди савдоси ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида тарқатиладиган камида иккита даврий босма нашрда кимошди савдоси тўғрисидаги эълонни чоп этади.
Кимошди савдоси тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
кимошди савдосига қўйиладиган ипотека нарсасининг номи, унинг турган жойи ва уни идентификация қилиш учун етарли тавсифи, унинг баҳоси;
кимошди савдоси иштирокчисининг закалат суммаси, уни тўлаш муддати ва тартиби;
харид нархини тўлаш тартиби ва муддатлари;
кимошди савдоси ўтказиладиган жой ва вақт;
кимошди савдоси ташкилотчисининг номи ва жойлашган ери, маълумот олиш учун унинг телефон рақами ва тўлов реквизитлари.
Кимошди савдоси тўғрисидаги эълоннинг бир нусхаси, агар имкони бўлса ва монелик бўлмаса, кимошди савдосига қўйилаётган кўчмас мулкнинг ўзидаги кўринарли жойга кимошди савдоси ўтказилишидан камида ўн кун олдин осиб қўйилади.
Кимошди савдосида иштирок этишни истаган шахслар кимошди савдоси тўғрисидаги эълонда кўрсатилиши лозим бўлган миқдорда, муддатларда ва тартибда закалат пулини тўлайдилар. Закалат пули миқдори гаровга қўйилган мол-мулк бошланғич сотув нархининг 5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Кимошди савдосида иштирок этган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга кимошди савдоси тугаши билан закалат пули қайтариб берилади. Кимошди савдоси амалга ошмаган тақдирда ҳам закалат пули қайтариб берилиши керак.
Кимошди савдосида сотилаётган мол-мулк учун энг юқори баҳони таклиф этган шахс кимошди савдосида ғолиб чиққан деб эътироф этилади. Бу шахс ва кимошди савдоси ташкилотчиси кимошди савдоси ўтказилган куни кимошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар. Улардан биронтасининг баённомани имзолашдан бўйин товлаши Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 380-моддасида назарда тутилган оқибатларга сабаб бўлади.
Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс савдо тугаганидан кейин беш кун ичида ўзи сотиб олган гаровга қўйилган мол-мулкнинг суммасини (харид нархини), илгари тўланган закалат пулини чегириб ташлаган ҳолда, кимошди савдосининг ташкилотчиси томонидан кўрсатилган ҳисобвараққа тўлаши керак. Бу сумма тўланмаган тақдирда, закалат пули қайтариб берилмайди.
Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс харид нархини тўлаган пайтдан эътиборан беш кун ичида кимошди савдосининг ташкилотчиси у билан нотариал тартибда тасдиқланган шартномага тенглаштирилган олди-сотди шартномасини тузади. Бу шартнома ва кимошди савдосининг натижалари тўғрисидаги баённома бинолар (иншоотлар) гарови давлат реестрига зарур ёзувлар киритиш учун асос бўлади.
lex.uz’dagi asl matn«Ипотека тўғрисида»ги қонун
41-modda. Кимошди савдосини ўтказиш тартиби
(41-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 16 октябрдаги ЎРҚ-448-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 2017 й.)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.