«Ипотека тўғрисида»ги қонун

24-modda. Ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулкни суғурта қилиш

(24-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулк, агар ипотека тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, йўқолиш ва шикастланиш хавфидан суғурта қилиниши керак. Ипотека тўғрисидаги шартномада гаровга қўйилган мол-мулкни суғурта қилиш ҳақида бошқача шартлар бўлмаган тақдирда, ипотекага қўювчи бу мол-мулкни йўқолиш ва шикастланиш хавфидан унинг тўлиқ қиймати бўйича, агар мол-мулкнинг тўлиқ қиймати ипотека билан таъминланган мажбурият миқдоридан ортиқ бўлса, шу мажбурият суммасидан кам бўлмаган суммага ўз ҳисобидан суғурта қилиши шарт. Ипотекага олувчи ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича ўз талабини, гаровга қўйилган мол-мулк кимнинг фойдасига суғурта қилинганлигидан қатъи назар, бевосита гаровдаги мол-мулк йўқолганлиги ёки шикастланганлиги учун тўланадиган суғурта товони ҳисобидан қаноатлантириш ҳуқуқига эга. Бу талаб ипотекага қўювчининг бошқа кредиторлари талабларидан ҳамда суғурта қайси шахслар фойдасига амалга оширилган бўлса, шу шахслар талабларидан олдин имтиёзли тарзда қаноатлантирилиши керак, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Агар гаровга қўйилган мол-мулк ипотекага олувчининг ўзи жавобгар бўлган сабабларга кўра йўқолган ёки шикастланган бўлса, ипотекага олувчи ўз талабини суғурта товони ҳисобидан қаноатлантириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ипотекага қўювчи уй ёки квартира ипотекаси тўғрисидаги шартнома бўйича кредит қайтарилишига доир мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун кредитор олдидаги ўз жавобгарлиги хавфини суғурталашга ҳақли.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.