Иқтисодий процессуал кодекси

69-modda. Далилларни тақдим этиш ва талаб қилиб олиш

Далиллар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилади. Агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин. Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада шу далил билан иш учун аҳамиятли қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва унинг жойлашган жойи кўрсатилиши зарур. Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади. Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги ажримда талаб қилинаётган далилни тақдим этиш муддати ва тартиби кўрсатилиб, ажрим суд томонидан талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга юборилади. Суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли ажримни тақдим этган шахсга беради. Агар шахс суд талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у шу муддат ичида бу ҳақда судни сабабларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиши шарт. Далилни сақлаётган шахс талаб қилинаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаган тақдирда, уни сақлаётган шахсга ушбу Кодекснинг 14-бобида белгиланган тартибда суд жаримаси солинади. Талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга жарима солиниши уни далилни судга тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.