Иқтисодий процессуал кодекси

49-modda. Ишда прокурорнинг иштироки

(49-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 14 августдаги ЎРҚ-1165-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2026 й., 03/26/1165/0841-сон)

Туманлараро иқтисодий судларга даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли. Прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно. Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно. Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно. Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.