Иқтисодий судга:
1) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар;
2) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар;
3) тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар;
4) ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишлар;
4¹) арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар;
4²) медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар;
5) ушбу Кодекснинг 30-моддасида кўрсатилган корпоратив низолар бўйича ишлар, бундан меҳнатга оид низолар мустасно;
5¹) ушбу Кодекснинг 30¹-моддасида кўрсатилган инвестициявий низолар бўйича ишлар;
5²) ушбу Кодекснинг 30²-моддасида кўрсатилган рақобатга оид ишлар;
6) чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижро этишга қаратиш тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар ҳам, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, судга тааллуқли бўлади.
Қонун билан судга тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ўзига тааллуқли ишларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари, шунингдек чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Ушбу модда биринчи қисмининг 4¹, 5 ва 5¹-бандларида кўрсатилган ишлар низо юзага келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси юридик ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, суд томонидан кўриб чиқилади.
lex.uz’dagi asl matn25-modda. Ишларнинг судга тааллуқлилиги
(25-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1089-сонли Қонунига асосан 4²-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.10.2025 й., 03/25/1089/0953-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.