Иқтисодий процессуал кодекси

232⁶-modda. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва арбитраж муҳокамасининг тарафи ёки ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар ёки уларнинг вакили томонидан имзоланади. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: 1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи; 2) арбитраж судининг номи, арбитражнинг жойи ва таркиби; 3) арбитраж муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи; 4) арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана; 5) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган тараф шикоят қилинаётган ҳал қилув қарорини олган сана; 6) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва ушбу қарор устидан қандай асослар бўйича шикоят қилинаётганлиги. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада тарафларнинг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили ва бошқа маълумотлари кўрсатилиши мумкин. Арбитраж муҳокамаси тарафининг арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига қуйидагилар илова қилинади: 1) арбитраж ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий арбитраж муассасаси ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ушбу арбитраж муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади, муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этилган арбитраж суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасидаги арбитр имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак; 2) арбитраж келишувининг асл нусхаси ёки унинг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси; 3) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар; 4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар; 5) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари арбитраж муҳокамасининг бошқа тарафига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат. Чет тилида тузилган ҳужжатлар иқтисодий судга тақдим этилаётганда, ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак. Ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахснинг арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига ушбу модда тўртинчи қисмининг 3, 4 ва 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади. Агар арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж муҳокамаси тарафининг вакили ёки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахснинг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади. Ушбу Кодекс 232⁵-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган қоидаларга кўра арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилиши лозим. Ушбу Кодекс 37-моддасининг бешинчи қисмида, мазкур модданинг биринчи, иккинчи, тўртинчи — еттинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидаларга кўра аризачига қайтарилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.