Иқтисодий процессуал кодекси

173-modda. Суд музокаралари

Барча далилларни текшириш тугаганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш бўйича қўшимча материаллар бор-йўқлигини аниқлайди. Суд бундай материаллар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд музокараларига ўтади. Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки чиқишларидан иборат бўлади. Музокараларда улар иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослайди. Суд музокараларида биринчи бўлиб даъвогар, кейин низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс ва жавобгар сўзга чиқади. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишда қайси даъвогарнинг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу даъвогардан ёки жавобгардан кейин сўзга чиқади. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг вакиллари суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади. Суд музокаралари иштирокчилари суд томонидан аниқланмаган ҳолатларга ва суд мажлисида текширилмаган ёки суд томонидан йўл қўйиб бўлмайдиган деб тан олинган далилларга таянишга ҳақли эмас. Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларида низонинг мазмунига доир фикрини охирги бўлиб баён этади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.