Иқтисодий процессуал кодекси

118-modda. Суд харажатларининг тақсимланиши

(118-модданинг тўққизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-888-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/888/0976-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича қилинган барча суд харажатларининг ўрни, гарчи бошқа тараф давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса ҳам ушбу бошқа тараф ҳисобидан қопланади. Даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади. Агар иш ишда иштирок этувчи шахс томонидан мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузиш (талабномани жавобсиз қолдириш, талаб қилинган ҳужжатларни жўнатмаслик) оқибатида юзага келган бўлса, суд ишнинг натижасидан қатъи назар, суд харажатларини шу шахснинг зиммасига юклатишга ҳақли. Даъвогарнинг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилса, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади. Агар даъвогар томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори қонунчиликда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши лозим. Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги келишувига кўра, суд ушбу келишувга мувофиқ ҳал қилув қарорини қабул қилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация ва тафтиш шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.