«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун

3-modda. Асосий тушунчалар

(3-модданинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: инвестиция лойиҳаси — иқтисодий, ижтимоий ва бошқа фойда олиш учун инвестицияларни амалга оширишга ёхуд жалб этишга қаратилган, ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар мажмуи; инвестиция мажбурияти — белгиланган мақсадларга эришиш учун инвестор томонидан қабул қилинадиган мажбурият; инвестиция сиёсати — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида ва унинг алоҳида тармоқларида инвестицияларнинг зарур даражасини ва тузилмасини таъминлашга, инвестиция фаолияти субъектларининг инвестиция манбаларини топишга ва улардан фойдаланишнинг устувор тармоқларини аниқлашга йўналтирилган инвестициявий фаоллигини оширишга доир ўзаро боғлиқ тадбирлар мажмуи; инвестиция фаолияти — инвестиция фаолияти субъектларининг инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлари мажмуи; инвестиция фаолиятининг иштирокчиси — инвестицияларнинг амалга оширилишини буюртмаларни бажарувчи сифатида ёки инвесторнинг топшириғи асосида таъминлайдиган инвестиция фаолияти субъекти; инвестиция шартномаси — инвестиция фаолияти субъектлари ўртасида тузиладиган, инвестиция шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайдиган ёзма битим; инвестициялар — инвестор томонидан фойда олиш мақсадида ижтимоий соҳа, тадбиркорлик, илмий ва бошқа фаолият турлари объектларига таваккалчиликлар асосида киритиладиган моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар бўлиб, улар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин: маблағларни, шу жумладан пул маблағларини (шу жумладан чет эл валютасини), мақсадли банк омонатларини, пайларни, улушларни, акцияларни, облигацияларни, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни; кўчар ва кўчмас мол-мулкни (бинолар, иншоотлар, ускуналар, машиналар ва бошқа моддий қимматликларни); интеллектуал мулкка доир мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан у ёки бу ишлаб чиқариш турини ташкил этиш учун зарур бўлган, техник ҳужжатлар, кўникмалар ва ишлаб чиқариш тажрибаси тарзида расмийлаштирилган, патентланган ёки патентланмаган (ноу-хау) техник, технологик, тижоратга оид ва бошқа билимларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида тақиқланмаган бошқа қимматликларни; инвестор — фойда олиш мақсадида инвестиция фаолияти объектларига ўзининг маблағларини ва (ёки) қарз маблағларини ёхуд жалб қилинган бошқа инвестиция ресурсларини инвестиция қилишни амалга оширувчи инвестиция фаолияти субъекти; маҳаллий инвесторлар — инвестиция фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси резиденти мақомига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари; реинвестициялар — инвестициялардан олинган, тадбиркорлик фаолияти ва бошқа фаолият турлари объектларига киритиладиган ҳар қандай даромад, шу жумладан фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия ва воситачилик ҳақлари, техник ёрдам, техник хизматлар учун тўловлар ва ҳақларнинг бошқа турлари; тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари — чет эллик инвесторнинг ҳукумат кафолатларисиз, таваккалчилик шароитларида ўз маблағлари ёки қарз маблағлари ҳисобидан инвестициялари; чет эл инвестициялари — чет эллик инвестор томонидан ижтимоий соҳа, тадбиркорлик, илмий ва бошқа фаолият турлари объектларига киритиладиган моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар; чет эллик инвесторлар — чет давлатлар, чет давлатларнинг маъмурий ёки ҳудудий органлари, давлатлар ўртасидаги битимларга ёки бошқа шартномаларга мувофиқ тузилган ёки халқаро оммавий ҳуқуқ субъекти бўлган халқаро ташкилотлар, чет давлатларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган ва фаолият кўрсатадиган юридик шахслар, ҳар қандай бошқа ширкатлар, ташкилотлар ёки уюшмалар, чет давлат фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар; Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар — акцияларининг (улушларининг, пайларининг) ёки устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн беш фоизини чет эл инвестициялари ташкил этадиган корхоналар.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.