Ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига қаратиш амалда етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар бўйича, шу жумладан мулк ижараси шартномаси ва бошқа шартномалар бўйича, шунингдек қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича қарздорга тўланиши лозим бўлган пул маблағларини дебитор қарздорнинг ҳисобварақларидан низосиз тартибда ҳисобдан чиқариш орқали амалга оширилади.
Давлат ижрочиси томонидан қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган пул маблағларини ундириш тўғрисидаги бошқа ижро ҳужжати мавжудлиги аниқланса, давлат ижрочиси ундирувни дебиторнинг ижро ҳужжати бўйича қарздорга тўланиши лозим бўлган пул маблағларига қаратиш тўғрисида қарор чиқаради. Ушбу қарор асосида давлат ижрочиси дебиторнинг ҳисобварақларига қарздорнинг қарзи суммаларини ундириш тўғрисида дебиторнинг қарздор олдидаги қарзидан ошиб кетмайдиган миқдорда инкассо топшириқномасини тақдим этади.
Ундирувни қарздорга амалда етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар бўйича дебитор тўлаши лозим бўлган пул маблағларига қаратиш қарздор ўз дебитори билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини тақдим этган тақдирда амалга оширилади.
Дебитор ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолашдан асоссиз бош тортган тақдирда, қарздор бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномаларини дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат ижрочисига тақдим этишга ҳақли. Қарздор томонидан бир томонлама тартибда имзоланган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси тақдим этилганда, давлат ижрочиси қарздорнинг дебиторига унинг кредиторлик қарзи мавжудлиги ҳақида имзолаш учун солиштирма далолатномани ва қарздор томонидан тақдим этилган, ушбу қарзнинг мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришнома юборади.
Қарздорнинг дебитори билдиришномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолаши ёхуд солиштирма далолатномада кўрсатилган қарзнинг мавжуд эмаслигини асослаган ҳолда рад жавоби тақдим этиши шарт. Агар дебитор томонидан тан олинган қарз суммаси солиштирма далолатномада кўрсатилганидан фарқ қилса, дебитор ўша муддатда давлат ижрочисига ўзи тан олган суммани кўрсатган ҳолда солиштирма далолатномани тақдим этиши шарт.
Қарздор билан унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
қарздорнинг ва унинг дебиторининг номи, уларнинг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари;
дебиторнинг қарздор олдидаги қарзи суммаси;
қарздор ва унинг дебиторининг улар муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган имзолари, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолда эса, дебиторнинг ўз муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган имзоси;
солиштирма далолатнома тузилган сана.
Қарздор ва унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси у давлат ижрочисига тақдим этилгунига қадар уч ойдан ўтиб кетмаган санага тузилган бўлиши керак.
Давлат ижрочиси ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси асосида дебиторнинг ҳисобварақларига қарздорнинг қарзи суммасини дебиторнинг қарздор олдидаги қарзидан ошмайдиган миқдорда ундириш тўғрисида инкассо топшириқномасини тақдим этади.
Ундирув қуйидаги ҳолларда дебиторлик қарзига қаратилмайди:
уни ундириш учун даъво муддати ўтган бўлса;
қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси органининг иш юритишида бўлса ёки уни ижрога тақдим этиш муддати ўтган бўлса ёхуд ушбу ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари белгиланган тартибда тўхтатиб турилган, тугатилган ёки кечиктирилган (бўлиб-бўлиб ижро этилган) бўлса;
дебитор ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Ўзбекистон Республикаси билан шартнома тузилмаган чет давлатда турган бўлса;
дебитор тугатилиш жараёнида бўлса ёки унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили жорий этилган бўлса;
дебитор ўз фаолиятини тугатган ва юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилган бўлса.
Ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига қаратиш бўйича маълумотларни алмашиш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun
48⁵-modda. Ундирувни дебиторлик қарзига қаратиш
(48⁵-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан ўнинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.