Ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва мажбурий реализация қилишдан иборатдир.
Ижро ҳужжатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан ундирув биринчи навбатда қарздорнинг сўмдаги ва чет эл валютасидаги пул маблағларига ҳамда бошқа қимматликларига, шу жумладан банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги пул маблағларига ҳамда ўзга қимматликларига қаратилади.
Қарздор жисмоний шахсдан топилган сўмдаги ва чет эл валютасидаги нақд пул маблағлари дарҳол олиб қўйилиши лозим.
Олиб қўйилган сўмдаги нақд пул маблағлари кейинги иш кунидан кечиктирмай Мажбурий ижро бюроси органининг депозит ҳисобварағига ўтказиш учун банкка топширилади, кейин уч кунлик муддатда белгиланган тартибда тақсимланади.
Қарздорнинг банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги барча ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағлари ва ўзга қимматликлари тўғрисида ахборот бўлганда, улар хатланади. Қарздорнинг аниқланган тегишлича сўмдаги нақд пули ёхуд банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги сўмдаги маблағлари етарли бўлмаса, ундирув қарздордаги аниқланган нақд чет эл валютасига ёхуд унинг банклардаги ёки ўзга кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида, омонатларида турган ёки сақланаётган валютасига қаратилади.
Давлат ижрочисида қарздорнинг хатлаш мумкин бўлган ҳисобварағи мавжудлиги тўғрисида ахборот бўлмаганда, давлат ижрочиси бундай ҳисобварақни аниқлаш тўғрисида банк ёки бошқа кредит ташкилотига ёзма сўров юборади.
Давлат ижрочисининг ёзма сўрови келиб тушганда банк ёки бошқа кредит ташкилоти қонунчиликка мувофиқ тегишли ҳисобварақни аниқлайди ва бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмай давлат ижрочисига маълум қилади.
Қарздор ундирув биринчи навбатда қаратилиши лозим бўлган мол-мулк турлари ёки ашёларни ўзи кўрсатишга ҳақли.
Қарздор мол-мулкининг у ёки бу турига ундирувни қаратиш навбати давлат ижрочиси томонидан мазкур мол-мулкнинг ликвидлигини инобатга олган ҳолда белгиланади.
Қарздорнинг ундирувчи талабларини қаноатлантириш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, давлат ижрочиси ўз қарори билан қарздор ҳисобварақларининг харажатлар қисмини қарз тўлиқ узилгунига қадар қонунчиликда белгиланган тартибда хатлайди. Банк ёки бошқа кредит ташкилоти қарздорнинг пул маблағларини хатлаш ҳақидаги қарорни дарҳол ижро этади ва давлат ижрочисига қарздорнинг ҳисобварақлари реквизитлари ҳамда ҳар бир ҳисобварақ бўйича хатланган пул маблағлари миқдорини маълум қилади. Айни бир вақтда ундирув қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкка қаратилади, ушбу Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно.
Қарздорнинг мол-мулкига, шу жумладан нақд пул маблағларига ва банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар ва ижро харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилади.
Қарздор жисмоний шахсларнинг банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув қаратилиши лозим бўлган пул маблағлари миқдорини аниқлашда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярми миқдоридаги пул маблағлари ҳисобга олиниб, уларга нисбатан ундирув қаратилмайди, бундан якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказилган қарздор жисмоний шахсларга нисбатан ижро ҳужжатлари, шунингдек алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мустасно.
Қарздор бошқа шахслар билан умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли мол-мулкка эга бўлган ҳолларда ундирув унинг қонунчиликка мувофиқ аниқланадиган улушига қаратилади.
lex.uz’dagi asl matn«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun
47-modda. Ундирувни қарздорнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкига қаратиш тартиби
(47-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 июндаги ЎРҚ-1069-сонли Қонунига асосан ўн иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.06.2025 й., 03/25/1069/0510-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.