«Ijara to'g'risida»gi qonun

5-modda. Ижара шартномаси

(5-модда учинчи қисми еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 18 мартдаги ЎРҚ-922-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2024 й., 03/24/922/0224-сон)

Томонларнинг ихтиёрийлиги ва тўла тенг ҳуқуқлилиги асосида маълум муддатга тузиладиган ижара шартномаси ижара муносабатларининг юзага келишига асос бўлади. Бунда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ерни, бошқа табиий ресурсларни ижарага олиш узоқ муддатга — камида 5 йилга мўлжалланган бўлиши керак. Ижара шартномаси танлов асосида тузилиши мумкин. Ижара шартномасида: ижарага берилаётган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати, уни ижарага бериш тартиби; ижара муддати; ижара ҳақи шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари; ижарага берувчи ижарачига бериши керак бўлган мол-мулкнинг ҳолати; ижарачининг мол-мулкдан фойдаланиш шартлари; шартнома тугатилганидан кейин ижарачининг мол-мулкни ижарага берувчига қандай ҳолатда ва қай тартибда қайтариши; ижарага берилган мол-мулкни тиклаш ва таъмирлаш юзасидан томоннинг мажбурияти; тўла амортизациядан сўнг мол-мулк кимга қарашли бўлиш шартлари; агар ижарага олинган мол-мулк кейинчалик сотиб олиш шарти билан топширилаётган бўлса, уни сотиб олиш шартлари, тартиби ва муддати; ижарага олинган мол-мулкни иккиламчи ижарага бериш шарти, тартиби ва имконияти; ижарага олувчи ижарага берувчига тақдим этадиган ахборотнинг кўлами ва ахборотни бериш муддатлари; томонларнинг масъулияти кўзда тутилади. Ерни ва бошқа табиий ресурсларни ижарага олиш шартномасига табиий объектдан мўлжалланган мақсадга мувофиқ ҳолда оқилона фойдаланиш юзасидан ижарачининг мажбуриятлари кўзда тутилган қоидалар ҳам киритилади. Ижара шартномасида ижарага берувчининг ноишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли мол-мулк объектлари ва уларнинг қиймати алоҳида ажратиб кўрсатилади, томонларнинг ушбу объектларга нисбатан мажбуриятлари (уларни асраш ва сақлаб туриш) ҳам айтиб ўтилади. Ижара шартномасига бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.