Ҳаво кодекси

74-modda. Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари

(74-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)

Ушбу Кодексда халқаро парвоз деб ҳаво кемасининг хорижий давлатнинг чегарасини кесиб ўтадиган парвози тушунилади. Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари: а) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари; б) тегишли хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан якка парвоз учун бериладиган махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемалари мазкур ҳаво кемаларини тасарруф этувчи ёки уларнинг эгалари бўлган вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва фуқаролар рухсати билан якка халқаро парвозларни амалга ошириши мумкин. Хорижий давлат самовий ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаро ҳаво кемасининг парвозига махсус рухсатнома олиш учун сўровномани ҳаво кемасининг эксплуатанти, давлат ва экспериментал ҳаво кемасининг парвози учун эса — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги юборади. Бундай сўровномалар кема ҳужжатларига, экипаж тўғрисидаги маълумотларга тааллуқли барча талабларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва парвоз режалаштирилган хорижий давлат ҳудудида амал қиладиган бошқа талаб ва қоидаларга риоя қилинган ҳолдагина амалга оширилади. Уқтириб ўтилган парвозлар учун сўровнома юбориш ва рухсатнома олиш тартибини белгиловчи қоидалар Авиация маъмурияти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан биргаликда тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг ҳаво кемаларида мунтазам халқаро парвозлар Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти белгилаган тартибда тайинланган ташувчилар томонидан амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.