Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;
б) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
в) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
г) давлат тилини қонунчиликда белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.
Ушбу модда биринчи қисмининг «а» бандида назарда тутилган шарт илм-фан ва илмий фаолият, техника, маданият ҳамда спорт соҳасида катта ютуқларга эга бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси учун манфаатли касбга ёхуд малакага эга бўлган ватандошга ва (ёки) унинг оила аъзоларига нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган шахсларга бериш мақсадга мувофиқлилиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади.
Қабул қилинган қарор асосида шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш тўғрисида кафолат хати берилади, агар ушбу шахс фуқароси бўлган давлат фуқаролигидан чиқадиган бўлса.
Кафолат хатининг амал қилиш муддати бир йил. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясининг қарорига биноан кафолат хатининг амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилиши мумкин.
Кафолат хати ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси томонидан ариза берувчига ёки унинг қонуний вакилига топширилади ёхуд почта орқали юборилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ ариза берувчи чет давлат фуқаролигидан чиққанлиги ҳақида ҳужжат тақдим этганидан кейин амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун
20-modda. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш
(20-модда биринчи қисмининг «г» банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.