Fuqarolik protsessual kodeksi

419⁶-modda. Тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш тартиби ва муддати

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) мазкур судлар номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибидаги протести бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади. Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) кассация инстанцияси суди томонидан ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протести ушбу Кодекс 419⁴-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар мурожаат қилган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига киритилиши мумкин. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд (судья) томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин. Ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.