Fuqarolik protsessual kodeksi

355-modda. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни

(355-модданинг тўртинчи қисми 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида берилади ва ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига қабул қилинган бўлса, ўша тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: 1) ариза берилаётган фуқаролик ишлари бўйича суднинг номи; 2) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, жойлашган ери; 3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи; 4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана; 5) ариза билан мурожаат этган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган сана; 6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги талаб. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон почта манзили ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади: 1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси мазкур ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак; 2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси; 3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза қарздорларнинг сонига қараб кўчирма нусхалар билан бирга судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, унга ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 354-моддасида назарда тутилган талаблар, шунингдек ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича суд ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича бундай аризани қабул қилишни рад этади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.