Аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.
Суд аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиши зарурлигини кўрсатади.
Суд ажрим билан бир вақтда жавобгарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.
Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади.
Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
lex.uz’dagi asl matnFuqarolik protsessual kodeksi
279⁴-modda. Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.