Fuqarolik kodeksi

636-modda. Ишнинг баҳоси

Пудрат шартномасида бажариладиган ишнинг баҳоси ёки уни аниқлаш усуллари кўрсатилади. Улар шартномада кўрсатилган бўлмаса, ишнинг баҳоси ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланади. Пудрат шартномасидаги ишнинг баҳоси пудратчининг чиқимларини ва унга тўланадиган ҳақни ўз ичига олади. Ишнинг баҳоси смета тузиш йўли билан аниқланиши мумкин. Иш пудратчи томонидан тузилган смета бўйича бажарилган тақдирда, смета буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат шартномасининг бир қисми бўлиб қолади. Ишнинг баҳоси (смета) тахминий ёки қатъий бўлиши мумкин. Пудрат шартномасида бундай кўрсатма бўлмаса, ишнинг баҳоси (смета) қатъий ҳисобланади. Агар қўшимча ишларни бажариш зарур бўлиб қолса ва шу сабабли ишнинг тахминан белгиланган баҳосини (тахминий сметани) анча оширишга тўғри келса, пудратчи бу ҳақда буюртмачини вақтида огоҳлантириши шарт. Буюртмачи пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) оширишга рози бўлмаган тақдирда, шартномадан воз кечишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи буюртмачидан ишнинг бажарилган қисмининг баҳосини тўлашни талаб қилиши мумкин. Буюртмачини пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) ошириш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирмаган пудратчи иш учун шартномада кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда шартномани бажариши шарт. Пудратчи, қоида тариқасида, қатъий баҳо (қатъий смета)ни оширишни, буюртмачи эса уни камайтиришни талаб қилишга, шу жумладан бажарилиши керак бўлган ишнинг тўла ҳажмини ёки бунинг учун зарур харажатларни пудрат шартномаси тузилаётган пайтда назарда тутиш имконияти бўлмаган ҳолларда ҳам, ҳақли эмас. Пудратчи томонидан тақдим қилиниши керак бўлган материаллар ва ускуналар, шунингдек учинчи шахслар томонидан унга кўрсатиладиган хизматлар баҳоси анча ошган ва буни шартнома тузиш вақтида назарда тутиш мумкин бўлмаган ҳолларда ушбу Кодекснинг 383-моддасига биноан пудратчи белгиланган иш баҳосини (сметани) оширишни талаб қилишга, буюртмачи бу талабни бажаришдан бош тортган тақдирда эса, шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.