Fuqarolik kodeksi

377-modda. Мажбурий тартибда шартнома тузиш

(377-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ оферта (шартнома лойиҳаси) йўлланган тараф учун шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолларда бу тараф оферта олинган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга акцепт тўғрисида ёки акцептдан бош тортиши тўғрисида ёхуд офертани бошқа шартларда акцептлаши тўғрисида (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) билдириш йўллаши керак. Оферта йўллаган ҳамда шартнома тузиши мажбурий бўлган тарафдан офертани бошқа шартларда акцептлаш тўғрисида билдириш (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) олган тараф бундай билдириш олинган ёки акцепт учун муддат тугаган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли. Ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиш оферта (шартнома лойиҳаси) йўллаган тараф учун мажбурий бўлган ва унга ўттиз кун мобайнида шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси юбориладиган ҳолларда бу тараф келишмовчиликлар баённомасини олган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга шартномани унинг таҳририда қабул қилишини ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этишини билдириши шарт. Келишмовчиликлар баённомаси рад этилганида ёки уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги билдириш кўрсатилган муддатда олинмаганида келишмовчиликлар баённомасини йўллаган тараф шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли. Ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар тўғрисидаги қоидалар, агар қонунчиликда бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса ёки тарафлар уларни келишиб олган бўлмасалар, қўлланилади. Агар ушбу Кодексга ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Шартнома тузишдан асоссиз бўйин товлаётган тараф шу туфайли етказилган зарарларни бошқа тарафга тўлаши керак.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.