Fuqarolik kodeksi

281-modda. Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш

(281-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-1060-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.04.2025 й., 03/25/1060/0373-сон)

Ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган, гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий равишда реализация қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилади. Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади. Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда (ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилган тақдирда) гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишувга кўра, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда гаровга олувчи гаров нарсасини реализация қилинмаган гаров нарсасини такрорий кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан йигирма беш фоиз камроқ суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли. Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров тўғрисидаги шартнома бекор қилинади. Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплаш учун етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма мавжуд бўлмаган тақдирда, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда, қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга. Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчиларнинг гаров билан таъминланган талаблари миқдоридан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтарилади. Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси реализация қилингунига қадар исталган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг муддати ўтказиб юборилган қисмини бажариб, ундирувни гаров нарсасига қаратишни ва уни реализация қилишни тугатишга ҳақли. Бу ҳуқуқни чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.