Fuqarolik kodeksi

27-modda. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг муомала лаёқати

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, ушбу модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай вояга етмаган шахс томонидан тузилган битим кейинчалик шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийси ёзма равишда маъқуллаганидан сўнг, у ҳам ҳақиқий ҳисобланади. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийларининг розилигисиз қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақли: 1) ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш; 2) фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш; 3) қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш; 4) ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган майда маиший битимларни ҳамда бошқа битимларни тузиш. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ўзлари тузган битимлар бўйича мустақил равишда мулкий жавобгар бўладилар. Бундай вояга етмаганлар ўзлари етказган зарар учун ушбу Кодексга мувофиқ жавобгар бўладилар. Етарли асослар мавжуд бўлганида суд ота-оналар, фарзандликка олувчилар ёки ҳомийнинг ёхуд васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосномасига мувофиқ ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг ўз иш ҳақи, стипендияси ёки бошқа даромадларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаб қўйиши ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин, бундай вояга етмаган шахс ушбу Кодекс 22-моддасининг иккинчи қисмига ёки 28-моддасига мувофиқ тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлган ҳоллар бундан мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.