Fuqarolik kodeksi

223-modda. Улушли мулкдаги мол-мулкни тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш

Улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин. Улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли. Улушли мулк иштирокчилари умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки улардан бирининг улушини ажратиш усули ва шартлари тўғрисида келишувга эриша олмасалар, улушли мулк иштирокчиси ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни суд орқали талаб қилишга ҳақли. Агар улушни асл ҳолида ажратиб олишга қонун йўл қўймаса ёки уни умумий мулк бўлган мол-мулкка номутаносиб зарар етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлмаса, ажралиб чиқаётган мулкдор улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари томонидан улушининг қиймати тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу модда асосида улушли мулк иштирокчисига асл ҳолида ажратиб берилаётган мол-мулкнинг унинг мулк ҳуқуқидаги улушига номутаносиблиги тегишли пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўлаш йўли билан бартараф этилади. Улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади. Мулкдорнинг улуши арзимас бўлган, амалда ажратиб берилиши мумкин бўлмаган ва у умумий мол-мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаган ҳолларда суд ушбу мулкдор розилик бермаган тақдирда ҳам улушли мулкнинг қолган иштирокчилари зиммасига мазкур мулкдорга компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Ушбу моддага мувофиқ мулкдор компенсация олганидан кейин умумий мол-мулкдаги улушига бўлган ҳуқуқини йўқотади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.