Fuqarolik kodeksi

1131-modda. Васиятномани ижро этиш

Васият қилувчи васиятноманинг ижро этилишини ўзи васиятномада кўрсатган, меросхўр ҳисобланмайдиган шахсга (васиятномани ижро этувчига) топшириши мумкин. Бу шахснинг васиятноманинг ижро этувчиси бўлишга розилиги унинг ўз қўли билан васиятномага ёзган устхатида ёки васиятномага илова қилинган аризасида акс эттирилиши лозим. Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёхуд бошқа шахсга топширишга ҳақлидирлар. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, васиятномани ижро этувчи бир ёки бир неча меросхўрнинг талаби билан суд томонидан тайинланиши мумкин. Васиятномани ижро этувчи васиятнома бўйича меросхўрларни олдиндан хабардор қилган ҳолда васият қилувчи томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан истаган вақтда воз кечиш ҳуқуқига эга. Васиятномани ижро этувчи меросхўрларнинг аризасига биноан суднинг чиқарган қарори билан ҳам ўз мажбуриятларидан озод қилиниши мумкин. Васиятномани ижро этувчи: меросни муҳофаза қилиши ва уни бошқариши; барча меросхўрларни ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларни мерос очилганлиги тўғрисида ҳамда улар фойдасига васият мажбуриятлари тўғрисида хабардор қилиш учун имкон қадар барча чора-тадбирларни кўриши; мерос қолдирувчига тегишли суммаларни олиши; мерос қолдирувчининг хоҳиш-иродаси ва қонунга мувофиқ меросхўрларга уларга тегишли мол-мулкни бериши; меросхўрлар зиммаларига юклатилган васият мажбуриятларини ижро этишларини таъминлаши; васият мажбуриятларини бажариши ёхуд васиятнома бўйича меросхўрлардан васият мажбуриятларини ижро этишларини талаб қилиши лозим. Васиятномани ижро этувчи меросни бошқариш ҳамда васиятномани ижро этиш билан боғлиқ суд ишларида ва бошқа ишларда ўз номидан қатнашишга ҳақли, шунингдек бундай ишларда иштирок этишга жалб этилиши мумкин. Васиятномани ижро этувчи ўз мажбуриятларини меросни қарзлардан ҳоли қилиш, мерос қолдирувчига тегишли суммаларни ундириш ва барча меросхўрларнинг меросга эгалик қилишга киришиши учун зарур бўлган оқилона муддат мобайнида амалга оширади. Ҳар қандай ҳолда ҳам кўрсатилган муддат мерос очилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетмаслиги керак. Васиятномани ижро этувчи меросни бошқариш ва васиятномани ижро этиш бўйича зарур харажатларни мерос ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга. Васиятномада уни ижро этувчига мерос ҳисобидан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Васиятнома ижро этиб бўлингач, васиятномани ижро этувчи меросхўрларнинг талабига биноан уларга ҳисобот тақдим этиши шарт.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.